AОКA раҳбари асоссиз ахборотлар тарқалишига давлат бошқаруви органлари айбдорлигини айтди

АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев асоссиз ахборотлар тарқалишига давлат бошқаруви органлари айбдорлигини таъкидлади. У бу ҳақда 3 декабрь, пайшанба куни Халқаро пресс-клубда матбуот эркинлиги жараёнларига бағишланган давра суҳбатида айтиб ўтди.

Кадр: YouTube

Пресс-клуб давомида иштирокчилар бугунги кунда Ўзбекистонда ОАВнинг ривожи ҳамда матбуот олдида турган муаммолар ҳақида фикр билдирган. Хусусан, унда иштирок этаётган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асадбек Ходжаев асоссиз ахборотлар тарқалишига Давлат бошқаруви органлари айбдор эканини қайд этган.

«Пандемия даврида тўғри ишончли ахборотни тезкор етказишда муаммолар бўлди. Шунда ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги тезкорлик билан давлат органларининг тезкор матбуот анжуманларини ташкил этиб борди ҳамда бу анжуманларни нодавлат телеканаллар орқали узатилиб боришини таъминлади. Ахборотни етказишда тезкорлик ва давлат органларининг ҳозиржавоблиги катта аҳамиятга эга. Биз кўпинча асоссиз ахборотни етказишда журналист, блогерларни айблаймиз. Менинг фикримча эса асоссиз ахборот пайдо бўлишига ўз вақтида тезкорлик билан жавоб бермаган давлат органлари айбдор», — дейди Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги раҳбари Асаджон Ходжаев.

Шунингдек, у интернетда билдирилган одамларнинг танқидий фикрларидан сўнг давлат органлари фаолиятини таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозимлигини айтиб ўтган.

«Одамлар интернет орқали ўз фикрларини эркин билдирмоқда. Албатта, танқидий фикрлар ҳам бор. Бу танқидий фикрларни эса давлат органлари эшитиши керак. Ўз фаолиятини танқидлар орқали таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриши лозим, мулоқотга ўрганиши керак. Шу орқали давлат органлари янги реалликда, янги Ўзбекистонда фаолиятини амалга оширяпти. Давлат раҳбари ҳам таъкидлади — матбуот кимгадир аччиқ гапирса, ёқиши ёки ёқмаслиги ҳам мумкин. Бироқ биз бу йўлдан қайтмаймиз», — дея гапирган агентлик раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни «Kun.uz», «Газета.uz» ва «Podrobno.uz» таҳририятлари Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан огоҳлантириш хати олгани ҳақида хабар берган. Юборилган хатлар мазмунига кўра агентлик таҳририятларни нохолисликда айблаб, «жиддий ҳуқуқий оқибатлар»дан огоҳлантирган.

Кейинчалик Германия элчиси ушбу огоҳлантириш хатларига муносабат билдириб, АОКАнинг ОАВга нисбатанн қилган танқидидан ҳайрон бўлганлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ўзининг Twitter’даги саҳифасида Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги иш услубини ўзгартиргани ҳақида пост қолдирган.

Янгиликлар