Ўзбекистонда телефон рақами орқали пул ўтказмаларининг ягона тартиби тасдиқланди
Ўтказмалар Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилади

Ўзбекистонда Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида телефон рақами бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш қоидалари рўйхатдан ўтказилди, деб хабар беради Norma.uz.
Янги тартибга кўра, фуқароларга пул юборишда қабул қилувчининг банк ҳисобварағи ёки банк картаси реквизитларини киритиш талаб этилмайди. Ўтказмани амалга ошириш учун қабул қилувчининг мобил телефон рақами унинг банк ҳисобварағига уланган бўлиши керак.
Пул ўтказмалари Марказий банкнинг тезкор тўловлар тизими орқали амалга оширилади. Бунда фойдаланувчининг мобил банк иловасида рўйхатдан ўтказилган телефон рақами тегишли банк ҳисобварағига боғланади. Бир банк доирасида битта мобил телефон рақами фақат битта банк ҳисобварағига бириктирилиши мумкин.
Боғлаш жараёни якунлангач, махсус «боғлаш коди» шакллантирилади ва у фойдаланувчига мобил банк иловасида кўрсатилади. Фуқаро исталган вақтда мобил илова орқали ёки бевосита банкка мурожаат қилиб, телефон рақамининг ҳисобвараққа боғланишини бекор қилиши мумкин.
Агар фойдаланувчи мобил банк иловасида янги телефон рақамини рўйхатдан ўтказса, аввалги рақам автоматик равишда алмашади.
Ўтказма муваффақиятли амалга оширилгач, тўловчига операцияни тасдиқловчи квитанция тақдим этилади. Унда ўтказма санаси ва вақти, тўлов тизимидаги рақам, банклар номи, тўловчи ва қабул қилувчининг маълумотлари, ўтказма суммаси ва комиссия акс этади.
Ҳужжат 2026 йил 26 ноябрдан кучга киради.





