Ўзбекистонда қарийб 14 кг «опий» айланмаси тўхтатиб қолинди

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Сирдарё ва Жиззах вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, олдиндан тезкор кузатувга олинган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1985 й.т., муқаддам судланган шахснинг Сирдарё туманидаги вақтинчалик яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Натижада, у ерда 1983 й.т. Тожикистон Республикаси фуқароси ва Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1962 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган яна бир фуқаро борлиги маълум бўлади.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида, мазкур 3 нафар шахс муқаддам қўшни Тожикистон Республикасидаги наркокуръерлар томонидан Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани ҳудудидаги хуфия жойга яширилган наркотик моддаларни олиб, уларни сотиш ва тарқатиш орқали катта миқдордаги моддий бойлик орттириш бўйича ўзаро жиноий тил бириктирганликлари аниқланади.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, хуфиёна жойдан умумий оғирлиги 13 кг 653 гр «опий» моддаси олиниб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинади.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон