Тошкентда пойгалашган автобус ҳайдовчиларига нисбатан чора кўрилди

Тошкентда пойгалашган автобус ҳайдовчилари ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ хабар берди.

Тошкентда “пойга уюштирган” автобус ҳайдовчилари ишдан олиндиФото: «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ

Маълум қилинишича, Икки автобус бир-бирига жуда ҳам яқин масофада катта тезликда ҳаракат қилаётгани акс этган видео тарқалган. Яъни «2-автобус саройи» МЧЖ ҳайдовчиси Ф.Мирсаидов 72-сонли йўналишда «Меrсеdес» русумли автобусни, «5-автобус саройи» МЧЖ ҳайдовчиси Д.Дўсматов 148-йўналишда «Isuzu» русумли автобусни Маҳтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда пойгалашган. Оқибатда, «Ашхобод сайлгоҳи» бекатида тўқнашув содир этган.

Мазкур ҳайдовчилар қоидабузарликка йўл қўйиб, ЙТҲ содир этгани учун улар билан автосарой ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ушбу баённомага кўра, ҳайдовчиларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

Аввалроқ Тошкентда йўловчи автобус «столба»га урилиши оқибатида 5 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бири ёниб кетгани ҳамда Пайариқда автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида машина йўл четига ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар