Тошкент шаҳрида йўналишли автобуслардан бири ёниб кетди
Тошкент шаҳрида 24 ноябрь, сешанба куни 116-сонли йўналишли автобус ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, автобус 24 ноябрь куни соат 06:13 да Тошкент кичик ҳалқа йўлида автобус ҳайдовчиси илк йўловчиларни олиб кетиш мақсадида автотураргоҳдан терминал станцияси томон кетаётган вақтда ёниб кетган.
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув гуруҳи ҳодиса жойига 4 дақиқадан сўнг етиб келган. Соат 06:26 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 06:39 да тўлиқ бартараф этилган. Aвтобус ёниб кетишига двигатель бўлинмасидаги қисқа туташув сабаб бўлганлиги тахмин қилинмоқда.
Ҳодисада жабрланганлар йўқ. Ёнғин бошланишидан олдин автобус ҳайдовчиси йўловчилар бўлинмасидан чиқиб кетишга улгурган.
Aввалроқ Сергелида «Isuzu» ва «Matiz» тўқнашиб, иккиси ҳам ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда юк автомашинаси ёниб кетгани хабар қилинган.