2023 йилнинг автомобиль ишлаб чиқарувчи МДҲ лидерлари

ПромРатинг ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб UzAuto Motors МДҲда автомобиль ишлаб чиқариш бўйича етакчига айланди.

Ушбу эътиборга молик ютуқ нафақат мамлакатнинг минтақа автомобиль бозоридаги аҳамиятини, балки UzAuto Motors компаниясининг жадал ривожланишидан ҳам далолат беради. Бу муваффақият Ўзбекистон учун иқтисодиётнинг жадал ривожланиб бораётгани, жаҳон миқёсидаги ўрни мустаҳкамланаётганининг тимсолига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон автомобиль саноатининг ривожланиш тенденсиялари UzAuto Motors нафақат таниқли компаниялар билан муваффақиятли рақобатлашаётганини, балки сифат ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг янги стандартларини яратаётганини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида, МДҲнинг жаҳон автомобилсозлик майдонидаги муҳим ўйинчи сифатидаги обрўсини мустаҳкамлашга олиб келади.

Таъкидлаш жоизки, нарх-сифатнинг оптимал нисбати бизга қўшни бозорни забт этиш имконини берди. Chevrolet автомобиллари 2023 йилда Қозоғистонда сотувлар бўйича етакчи ўринларни эгаллади. Бундан ташқари, 2023 йил охирида Қозоғистонда энг кўп сотилган модел Chevrolet Cobalt бўлди ва янги Chevrolet Onix ТОП 5 га кирди. Бу минтақада ушбу маркадаги автомобилларнинг юқори рақобатбардошлиги ва оммабоплигидан далолат беради.

2023 йилда МДҲда автомобил ишлаб чиқариш бўйича етакчилар:

  • «UzAuto Motors» (Ўзбекистон): 395 395;
  • АВТОВАЗ (Россия): 374 077;
  • Haval Motor Manufacturing Rus (Россия): тахминан 100 000;
  • «Allur» (Қозоғистон): 82 854;
  • «БелДжи» (Беларус): тахминан 65 000;
  • «Hyundai Trans Almaty» (Қозоғистон): 46 159;
  • UAZ (Россия): 39 453;
  • «Москвич» (Россия): 15 000 дан ортиқ.

Ўзбекистон ҳақиқатда Chevrolet бренди бўйича АҚШдан кейинги иккинчи йирик бозорга айлангани аввалроқ хабар қилинган эди. Бу Ўзбекистонни нафақат МДҲ, балки жаҳонда автомобилсозлик саноатининг муҳим иштирокчиси даражасига кўтаради.

Янгиликлар