Тошкентни экоҳудудларга бўлишмоқчи, уларнинг баъзиларига автомобиллар кириши тақиқланади

Кеча (5 март) президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Сўнгги вақтларда экологик муаммолар, айниқса ҳаво тозалиги кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Экологик хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ва йўллардаги тирбандликлар бунинг асосий сабабларидан биридир. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан экологик вазиятни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда», – дейилган хабарда.

Экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри Миробод тумани «Файзобод» маҳалласида жойлашган ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими янги услубда ишлайдиган замонавий диагностика марказига айлантирилди.

Марказ фаолиятини ташкиллаштиришда Германия, Белгия, Франция каби ривожланган мамлакатларнинг экологик муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажрибаси инобатга олинди.

«Бу ерда транспорт воситаларига давлат рақам белгиси бириктириш ва қайд этиш гувоҳномасини топшириш жараёни турли бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликдан холи қилинган, инсон омили минимал даражага туширилган. Аввал автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёни олти-етти босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда босқичлар сони учтага қисқарди», – қайд этди президентнинг матбуот хизмати.

Бундан ташқари, эндиликда марказда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб RFID чип ўрнатилган «қизил», «сариқ» ёки «яшил» ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади.

Келгусида шаҳар ҳудуди бир нечаэкологик ҳудудларга ажратилади.

Транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб, айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф қилинмоқда. Бунда экологик ҳудудларга рухсат берилмаган транспорт воситаларининг кириши автоматлаштирилган ҳолда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушаётган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Тизим тўлақонли ишлаши учун мамлакат бўйлаб 100 га яқин ҳавони мониторинг қилиш автоматик станциялари ўрнатилиши, транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган зарари даражасини баҳолаш учун 84 та рўйхатга олиш-диагностика марказларини, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 216 та ҳудудий туман бўлинмаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

Ўз навбатида, аҳоли учун электромобилларни харид қилишни рағбатлантириш, шу жумладан, бундай тоифадаги автомобиллар учун давлат рақамларини беришда ундириладиган тўлов миқдорларини камайтириш юзасидан аниқ амалий чоралар кўрилади.

Янгиликлар