Булунғурда Украинадан импорт қилинган мол гўшти келтирилиб, 45 минг сўмдан сотилади

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги деҳқон бозорда махсус ярмарка ташкил этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси ошиши кузатилганлиги сабабли туман ҳокимлиги ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими ҳамкорлигида «Булунғур деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудида махсус ярмарка ташкил этилган.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, ярмаркада мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти, балиқ, тухум кабилар бозор нархидан арзонлаштирилган ҳолда сотилмоқда. Жумладан, балиқнинг «толстоб», «беламур», «сазан» каби турлари катта-кичиклигига кўра баҳоланаётган бўлса, товуқ гўшти 18 минг сўм, қўй гўшти 48 мингдан  55 минг сўмгача, мол гўшти 55 минг сўм, тухум 1 100 сўмдан сотилмоқда.

Фото: Булунғур туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Департаментнинг туман бўлими раҳбари Хусниддин Разиқовнинг таъкидлашича, яқин кунларда ярмаркага қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳам келтирилиб, арзонлаштирилган нархларда сотилиши йўлга қўйилади. Қайд этилишича, Украина давлатидан импорт қилинган музлатилган мол гўшти ярмаркага келтирилиб, килограми 45 минг сўмдан сотилиши режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Шавкат Абдураззоқов «Сардоба» ва «Чорсу» бозорларидаги нархлар билан танишгани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи маълум қилинган.

Янгиликлар