Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Тожикистон президентини туғилган куни билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги муваффақиятлар тилаган.
Президентлар икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, тарих, маданият ва анъаналар муштараклигига асосланган стратегик шериклик муносабатларининг бугунги даражасини мамнуният билан қайд этган.
Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ мураккаб даврда пандемия оқибатларини енгиб ўтишда ўзаро ёрдам кўрсатилмоқда. Тожикистон томони ушбу хавфли касалликка қарши курашда кўрсатилган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида товар айирбошлаш ҳажмлари ортяпти, ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасида кооперация кенгаймоқда.
Давлат раҳбарлари ўтган ойда бўлиб ўтган қатор икки томонлама тадбирларнинг самарали натижаларини юқори баҳолаган. Хусусан, ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ҳамда бизнес-форум, илмий-амалий конференция, парламент аъзолари ва зиёлилар учрашувлари муваффақиятли ўтказилган, қўшма ишлаб чиқариш қувватлари ва ижтимоий объектлар очилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари икки мамлакат ҳукуматларига кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда бўлажак саммитнинг янги кун тартибини ҳар томонлама пухта тайёрлаш бўйича «Йўл харита»сини ишлаб чиқишга топшириқ берган.
Шу билан бирга, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Телефон мулоқоти сўнгида Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонга 11 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилаган.
Эслатиб ўтамиз, Aбдулла Aрипов Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилишида иштирок этиш учун 29 cентябрь, сешанба куни Тожикистон пойтахтига етиб борган. Душанбе халқаро аэропортида бош вазирни Тожикистон бош вазири ўринбосари Давлатшо Гулмуҳаммадзода кутиб олган. Шунингдек, Aбдулла Aрипов Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан учрашган.