Бешариқда ўтказилган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида 5 та мурожаат жойида ҳал этилди (фото)
Фарғона вилояти Бешариқ туманида «Соғлом ҳаёт сари 5 минг қадам» шиори остида оммавий спорт тадбири ҳамда хатловда ўз муаммоси билан мурожаат қилган ёшлар иштирокида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ўтказилиб, унда 10 дан ортиқ мурожаатнинг 5 таси жойида ҳал этилди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, учрашув туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, ИИБ, Солиқ инспекцияси, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, МФЙ ва бошқалар иштирокида ўтказилган. Қайд этилишича, туман ҳокими таклифи билан ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ёшлар ва аёллар куни деб белгиланди. Ҳафтанинг бу кунида «ёшлар ва аёллар дафтари»га киритилганларнинг муаммолари бевосита ўрганилади.
Бошқарма матбуот хизмати маълум қилишича, ўтказилган тадбирда айтилган 10 дан ортиқ муаммо ва мурожаатдан 5 таси ўз ўрнида ҳал этилган. Қолганлари эса мутасаддилар ихтиёрига топширилган.
Aввалроқ Қўқон шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 29 та мурожаат тинглангани ва Фарғонада ўтказилган АКТ вазири ўринбосари қабулида 23 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Фарғонада ўтказилган сайёр қабулда 15 та мурожаат ҳамда Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 700 дан ортиқ муаммоси ҳал этилгани маълум қилинган.