Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 700 дан ортиқ муаммоси ҳал этилди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида эҳтиёжманд аҳолининг 769 та муаммоси ҳал этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, шаҳар ҳудудидаги 54 та маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонма-хонадон юриб «темир дафтар»га киритилган ҳамда ушбу рўйҳатдан чиқарилган оилаларнинг турмуш ҳолатини ўрганиш юзасидан вилоят ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров бошчилигида шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда мазкур ишчи гуруҳнинг ҳисоботи тингланган.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, сўнгги 9 кун давомида шаҳардаги 33 та маҳалла фуқаролар йиғинида ишчи гуруҳ томонидан 14 819 та хонадон ўрганилиб, 2913 та муаммо ва камчилик борлиги аниқланган. Ижроси маълум муддат талаб қиладиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилган.

Фото: Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят ҳокими ишчи гуруҳ вакилларига дастлабки ўрганилган хонадонларда аниқланган муаммо ва камчиликларнинг мутасаддилар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлигини такрорий ўрганиш юзасидан тегишли кўрсатмлар берган. Шунингдек, Хайрулло Бозоров ишчи гуруҳ вакилларига аҳолининг куз-қиш мавсумига тадоригини ўрганишга эътиборни қаратиш лозимлигини айтган.

Бундан аввал Фарғонада 13,5 мингдан ортиқ оила «темир дафтар»дан чиқарилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Қувасой шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 7 та мурожаат ҳал этилгани ҳамда Фурқат туманида 375 нафар эҳтиёжманд фуқаро иш билан таъминлангани иаьлум қилинганди.

Янгиликлар