Фарғонада 13,5 мингдан ортиқ оила «темир дафтар»дан чиқарилди
Фарғона вилоятида «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 13 минг 661 таси маҳаллий кенгашларнинг қарорлари билан камбағалликдан чиқарилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 59 мингта ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган шахсларга истеъмол товар маҳсулотлари, дори воситалари ҳамда нақд пуллар сектор аъзолари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари томонидан етказиб берилган. Шунингдек, 35 минг 830 та оиланинг 142 минг 620 нафар аъзосига 31 миллиард 376 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам маблағлари тарқатилган. Бундан ташқари, муҳтож аёллар ва ёшлар истиқомат қиладиган оилаларгача кириб бориш бўйича янги иш тартиби белгиланган.
Қайд этилишича, маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» шакллантириладиган бўлган. Айни кунларда вилоятда Марғилон шаҳри ва Бешариқ тумани танлаб олиниб, тажриба сифатида бир қатор ишлар бошлаб юборилган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда ишчи гуруҳлар томонидан Марғилон шаҳри ва Бешариқ туманида ишсиз ёшлар бўйича алоҳида ҳамда ишсиз ва боқувчисиз хотин-қизлар бўйича алоҳида дафтарларнинг рўйхатларини шакллантиришда хатлов ишлари олиб борилмоқда. 7 мингдан ортиқ ёшлар ва аёллар рўйхатга олиниб, электрон базага киритилган.
«Пандемия даврида ‘темир дафтар’ эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашда катта самара берди. Эндиликда бу эзгу саъй-ҳаракатларнинг қамрови янада кенгайиб, ишсиз ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароити ўрганиб чиқилмоқда. Дафтарлар шакллантирилганидан сўнг уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўргатиш кабиларга эътибор қаратилади. Масалан, Марғилонда ҳунармандчилик орқали кўплаб иш ўринлари яратиш ҳамда даромад манбаини топиш мумкин», — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Қосимов.
Аввалроқ Данғарада 1,5 гектар ер майдони «темир дафтар»га киритилган оилаларга бўлиб берилгани, Андижонда шароити оғир бева аёлнинг фарзанди ишга жойлаштирилиши ҳақида хабар қилинганди.