Қувасой шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 7 та мурожаат ҳал этилди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ҳокими ўтказган қабулда фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг 7 таси ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳар ҳокими Равшан Раҳимжонов «Полмон» МФЙ Носробод қишлоғидаги «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжмандлар билан учрашув ўтказган.
Қайд этилишича, Носиробод қишлоғи Қайрилма кўчасида яшовчи фуқаронинг қишлоқ аҳлига ичимлик суви, газ ва электр энергиясидан бўлган мурожаати жойида ўрганилиб, керакли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилган. Бундан ташқари, қишлоқдаги эски масжид биносини маҳалла гузари сифатида фойдаланилишини сўралган. Ушбу мурожаат юзасидан давлат шерикчилик асосида тадбиркорга берилиши ва маҳалла гузари қурилиши тушунтирилган.
Хабарга кўра, қабулга келган 25 нафар фуқародан 9 та мурожаат тушган ҳамда 7 нафар фуқаронинг мурожаатлари жойида қаноатлантирилган. Қолган 2 мурожаат юзасидан керакли масъул шахсларга топшириқлар берилган.
Бундан аввал Наманган шаҳрида пандемия сабаб ишсиз юрган 30 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилгани ва Фарғонада ўтказилган қабуллар давомида аҳолига 1000 тонна суюлтирилган газ етказиб берилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Фарғонада ўтказилган сайёр қабулда 15 та мурожаат ҳамда Марғилонда аҳолининг қарийб 500 та муаммоси ҳал этилгани маълум қилинганди.