Фарғонада ўтказилган қабуллар давомида аҳолига 1000 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди

Фарғона вилоятида ўтказилган сайёр қабуллар давомида аҳолига 1000 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Фарғона» матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Ҳудудгаз Фарғона» матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президенти Админстрацияси ва тегишли вазирликлар мутасаддилари иштирокида Фарғона вилоятининг 5 та ҳудудида оммавий сайёр қабуллар ўтказилган. Сайёр қабуллар уч кун давомида ўтказилган.

Ташкил этилган оммавий сайёр қабулларда «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали томонидан хонадонларга 1000 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. 22 355 та аҳоли хонадони табиий газ билан таъминланган ҳамда 6 та ижтимоий соҳа обекти табиий газ тармоғига уланган.

Фото: «Ҳудудгаз Фарғона» матбуот хизмати

Қабулда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали вакилларига жами 58 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлардан 26 таси ижро учун назоратга олинган. 23 та мурожаат ижобий ҳал этилган. Ушбу қабулларда маҳаллий ва марказий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этган. Оммавий сайёр қабулда ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қувасой ҳокими 30 дан ортиқ тадбиркор иштирокида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича қабул ўтказганди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Бағдод туманларида ўтказилган сайёр қабулда газ билан боғлиқ 9 та мурожаат ҳал этилгани хабар қилинди.

Янгиликлар