Фарғонада ўтказилган сайёр қабулда 15 та мурожаат ҳал этилди
Фарғона вилоятининг айрим туманларида Бош прокурор ўринбосари ўтказган сайёр қабулда 15 та мурожаат жойида ҳал этилди. Бу ҳақда Бош прократура ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов Фарғона вилояти шаҳар ва туманларида сайёр қабул ўтказган. Учкўприк, Ўзбекистон, Бағдод, Фарғона, Тошлоқ туманларидаги қабулда жами 132 нафар фуқароларнинг мурожаати қабул қилиниб, 15 таси жойида ижобий ҳал қилинган. Шунингдек, 117 таси назоратга олинган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон тумани 2-сектор ҳудудида яшовчи фуқаро Х.М.нинг мурожаатига асосан «Фаровон келажаги» маҳалласи ҳамда фуқаро М.Ю.нинг мурожаатига асосан «Қайнар» маҳалласи ҳудудларидаги кўчаларнинг 2 километр масофадаги қисмига қум шағаллар ётқизилиб, ушбу йўл билан боғлиқ муаммо ҳал этилган.
Шунингдек, Данғара тумани 2-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи А.Ў.нинг мурожаатига биноан «Оқтепа» маҳалласи Кўклам кўчасидаги 1 километр узунликдаги ичимлик суви тизими учун транш қазиш ишлари бажарилган.
Аввалроқ Қувасой шаҳар ҳокими ўтказган сайёр қабулда 5 та мурожаат ҳал этилгани, Қўқон шаҳар ҳокими ўтказган сайёр қабулда 29 та мурожаат тинглангани ҳақида хабар қилинганди.