Фурқат туманида 375 нафар эҳтиёжманд фуқаро иш билан таъминланди
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Фурқат тумани Кенгашининг XIV сессияси 21 октябрь, чоршанба куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Дилмурод Солиев раислигида ўтган сессияда халқ депутатлари туман Кенгашининг депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг барча ўринбосарлари, иқтисодий соҳадаги ва масалага даҳлдор корхона, ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ва сиёсий партиялар масъул вакиллари иштирок этган.
Таъкидланишича, сессия кун тартибидаги биринчи масала «Туманда озиқ-овқат хавсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисида» туман ҳокими ахборот берган.
Ҳоким ўз ахборотида туманда 2020 йил 1 ноябрдан 2021 йил 1 майгача бўлган даврда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар хусусида батафсил тўхталган.
Қайд этилишича, туман бўйича «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида ёрдам кўрсатилиш зарур бўлган 991 та оилалар рўйхати шакллантирилган. Шунингдек, 21 октябрь ҳолатига кўра, 4 та сектор томонидан 375 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, моддий аҳволи яхшиланганлиги сабабли эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш дафтаридан чиқарилган.
Бундан аввал Халқ депутатлари кенгашининг Бағдод туманида XIII, Марғилон шаҳрида XVI, Фурқат туманида XIII ҳамда Фарғона вилоятида XIX сессияси бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинган эди.