Фурқат ҳокими туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани сабабли аҳолидан узр сўради

Фарғона вилояти Фурқат туман ҳокими туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани сабабли аҳолидан узр сўради. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фурқат туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 6 октябрь, душанба куни Халқ депутатлари Фурқат тумани Кенгашининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтган. Сессия кун тартибида «Фурқат туманини 2020 — 2021 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш орқали Қизилʼ ҳудуддан чиқариш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги масала асосий мавзу бўлган.

Қайд этилишича, сессия туман ҳокими ва халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Дилмурод Солиев раислигида ўтган. Сессияда халқ депутатлари, вилоят ва туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, халқ қабулхонаси мудири, Бош вазир қабулхонаси мудири, тегишли ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Таъкидланишича, сессия ишида Олий мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Парпиев Махмуд, Фарғона вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Убайдуллаев Мирзохид ҳам қатнашган.

Кун тартибидаги масала юзасидан нутқ сўзлаган туман ҳокими паст кўрсаткич қайд этилган 6 та йўналиш бўйича ҳисобот берган. Шунингдек, ҳоким туманни «қизил» ҳудуддан чиқариш, комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун «Йўл харитаси» ишлаб чиқилганини таъкидлаган. Харитада қайд этиб ўтилган ишлар сектор раҳбарлари ва тумандаги барча мутасадди ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилиб, йил якуни билан туманни «қизил» ҳудуд тоифасидан чиқарилиши учун барча имкониятлар сафарбар этилиши белгиланган.

Сессияда туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйган камчиликлари учун Шавкат Мирзиёев, туман халқи ва депутатлардан узр сўраган. Йил якунида туманни ривожлантириш учун депутатлар, фаоллар билан ҳамкорликда имкониятларни ишга солишга ваъда берган.

Бундан аввал Жондор ҳокими туман «қониқарсиз» ҳудуд деб баҳолангани учун аҳолидан узр сўрагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Шофиркон тумани ҳокими халкдан узр сўраган йиғилишда туман масъуллари ухлаб қолгани маълум қилинди.

Янгиликлар