Когондаги видеокузатув воситалари ишлаб чиқарадиган корхона Хитойдан 65 минг долларлик ускуналар харид қилади

Бухоро вилояти Когон шаҳридаги видеокузатув воситалари ишлаб чиқарадиган корхона 65 минг долларга Хитойдан ускуналар олиб келади. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти прокуратураси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Бухоро вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари 4 ноябрь, чоршанба куни Когон шаҳрининг 2 сектор ҳудудидаги кичик саноат зонасига ташриф буюрган ва бир қатор лойиҳалар билан танишган.

Қайд этилишича, мазкур ҳудудда ташкил этилган 1 миллиард сўмлик «Digital security systems» масъулияти чекланган жамияти томонидан видеокузатув воситаларини ишлаб чиқариш, ўрнатиш ва таъмирлаш йўналишига ихтисослашган. Мазкур жамиятда 15 та иш ўрни яратилган.

Фото: Бухоро вилояти прокуратураси ахборот хизмати

Хабарга кўра, тадбиркор банкдан олган 500 миллион сўм миқдоридаги кредити ва ўзининг қўшимча 40 миллион сўм пулини банк орқали 65 минг долларига конвертация қилиш ҳамда ускуна сотиб олинаётган Хитойдаги корхонанинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилишида шаҳар прокуратураси томонидан амалий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, корхонага 2019 йилда шаҳарнинг Ватанпарвар кўчасида жойлашган собиқ тиббиёт бирлашмаси ҳудудидаги 237 квадрат метрдан иборат бўлган бинони видеокузатув мосламаларини ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш учун ажратиб берилган.

Аввалроқ Чуст туманида 4 та, Когон шаҳрида эса қиймати 22 миллиард сўмга яқин 14 та лойиҳадан иборат саноат зонаси ташкил этилиши маълум қилинганди.