Ҳакам калтакланган ўйиндан сўнг «Нефтчи» мураббийи ишдан олинди

Фарғона вилоятида ўйинда ҳакамни калтаклаган «Нефтчи» футболчиларининг бош мураббийи Абдусамат Дўрмонов 5 декабрь, шанба куни ишдан олинди. Бу ҳақда «Championat.asia» хабар берди.

Фото: «Championat.asia»

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан 5 декабрь «Нефтчи» ФК қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишга Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров раислик қилган.

Фото: «Championat.asia»

Шунингдек, вилоят ҳокими 1 декабрь куни Фарғона шаҳрида Про лиганинг 20-туридан ўрин олган «Нефтчи» (Фарғона) – «Турон» (Яйпан) беллашувида «Нефтчи» жамоаси футболчиларининг ўйинни бошқарган ҳакамларга нисбатан қилган қўполликлари туфайли юзага келган тартибсизликлар натижасида футболчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилганлиги ҳақида гапириб ўтган.

Фото: «Championat.asia»

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилган. «Нефтчи» ФК масъул ходимлари футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун бош мураббий Абдусамат Дўрмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилоятида футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасининг сўнгги тури якунидаги ўйинда бош ҳакам Шавкат Насибуллаев футболчи ва мухлислар томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, ЎФА Фарғонада Про-лиганинг ҳал қилувчи ўйинида ҳакамнинг калтакланиши юзасидан баёнот бергани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик ўйинда ҳакамни калтаклаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган.