Самарқандда «КамАЗ» ҳайдовчиси аёл ва унинг икки фарзандини уриб юборди

Самарқанд вилояти ИИБ маълумотларига кўра, 4 июнь куни тахминан соат 16:30да Нуробод туманидаги «Меҳнаткаш» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-378 «Самарқанд-Ғузор» автомобиль йўлининг 35-километрида ҳалокатли ЙТҲ содир бўлган.

Маълум бўлишича 25 ёшли «КамАЗ» ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида йўлни кесиб ўтаётган аёл ва унинг икки вояга етмаган боласини уриб юборган.

Натижада икки нафар вояга етмаган бола олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Уларнинг онаси Самарқанд тумани марказий шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар