Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши курашда ёрдами учун Корея президентига миннатдорлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябрь, сешанба куни Корея президенти Мун Чже Ин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари суҳбат аввалида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи номидан ва шахсан ўз номидан президент Мун Чже Инни ва корейс элини Корея ташкил топган кун ва анъанавий Чусок байрами билан самимий табриклаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Жанубий Корея етакчилари мамлакатлар ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик мақомидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиққан, шунингдек, халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган.

Шунингдек, коронавирус глобал миқёсда тарқалишининг кенг кўламли Ўзбекистон—Корея алоқалари учун оқибатларини камайтириш мақсадида турли даражаларда фаол ҳамкорлик ва мунтазам самарали мулоқотни давом эттириш муҳим экани таъкидланган.

Ўзбекистон Президенти пандемияга қарши самарали курашни ташкил этиш, ушбу касалликни профилактика қилиш ва даволаш бўйича илғор тажрибани жорий этишга Корея томонидан кўрсатилган амалий кўмак учун ҳамкасбига миннатдорлик билдирган.

Хабарда айтилишича, суҳбат давомида Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар даражасида яқиндан ўзаро мувофиқлашувни, шу жумладан, даволаш методикасини такомиллаштириш, вакциналар ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни таъминлаш борасида давом эттиришга келишиб олинган.

Янгиликлар