Хакерлар ҳужумига учраган Сурхондарё вилоят ҳокимлиги сайти қайта тикланди
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва 10 та туман ва шаҳар расмий сайтлари 6 январь куни ҳакерлар ҳужумига учрагани ҳақда хабар берилган эди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати 7 январь куни сайт қайта тикланганини маълум қилди.
Хабарга кўра, ҳозирда мазкур ҳолат вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» ДУК ходимлари томонидан бартараф этилиб, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги расмий веб-сайти қайта тикланган. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари веб-сайтлари ишчи ҳолатини таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, вилоят ҳокимлиги ва унинг қуйи тузимлари расмий веб-сайтларини такомиллаштириш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича чоралар белгиланди. Мазкур веб-сайтларга уюштирилган ҳужум бўйича ваколатли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг расмий сайти «Surxondaryo.uz» ҳакерлар ҳужумига учараган ва ҳакерлар вилоят ҳокимига мурожаат ёзиб қолдирган:
«АКТ бўлимига университетни отасини пулига тугатган каттаконларнинг боласини эмас, соҳа бўйича ҳақиқий мутахассисларни ишга олинг. Биз бугун ҳокимият тизимига кириб бордик. Агар яхши мутахассисларни эътиборга олиб, уларга қимматли вақтингизни ажратмасангиз, бутун интернетда сизнинг ёпиқ қарор ва фармойишларингиз шармандаларча тарқалади. Хавотир олманг, сизнинг ‘тупой’ АКТ ходимларингиз шарофати билан биз бутун ҳокимият тизимига кириб улгурдик», деган изоҳ ёзилган расмий сайтда.
Кейинчалик вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан баёнот бериб, «Clone Security» гуруҳи ушбу ҳужумни ўз зиммасига олганини маълум қилган.
Мавзуга доир:
Aввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот институти веб-сайти 21 ноябрь, шанба куни хакер ҳужумига учрагани маълум қилинган эди.