Хакерлар 2020 йилда жаҳон иқтисодиётига қанча зарар етказгани маълум қилинди

Дунё бўйлаб ҳукуматлар ва компаниялар 2020 йилда хакерлик ҳужумлари оқибатида 945 миллиард доллар, киберхавфсизликка қўшимча харажатлар сабабли яна 145 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда «McAfee» антивирус дастурий таъминот компанияси ҳамда Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг (CSIS) қўшма ҳисоботида келтириб ўтилди.Фото: Getty Images

Маълум қилинишича, кибержиноятчилик туфайли глобал иқтисодиётга етказилган зарар ва ундан ҳимоя қилиш харажатлари 2020 йилда 1 триллион доллардан ошган. Икки йил олдин бу миқдор тахминан 600 миллиард долларни ташкил қилар эди.

Ҳисоботга кўра, тадқиқотчилар 1500 нафар тармоқлараро IT-вакиллари ва компанияларнинг сиёсатчилари ўртасида сўров ўтказган, шунингдек, маълумотларни йиғиш давомида ҳукумат расмийлари билан суҳбатлашган. Қолаверса, ҳисоботдаги рақамлар давлат идоралари ва Халқаро Валюта Фондининг оммавий маълумотлари асосида шакллантирилган.

Сўровда қатнашганларнинг атиги 4 фоизи киберхавфсизлик билан боғлиқ ҳеч қандай воқеа бўлмаганини айтган. Аммо респондентларнинг 92 фоизи киберҳужумлар сабабли пул йўқотишларидан ташқари, меҳнат унумдорлиги пасайгани ва иш вақтидаги узилишларни келтириб ўтган. Киберҳужум туфайли бизнесдаги энг узоқ узилиш 18 соатни ташкил қилган ва бу ташкилотларга ўртача ярим миллион доллардан зиёд зарар етказган.

Таъкидланишича, киберҳужумларнинг сезиларли даражада кўпайиши, бир томондан, пандемия пайтида одамларнинг онлайн фаоллиги сезиларли даражада ошгани, бу эса жиноятчиларга ишлаш учун кўпроқ имкониятлар яратгани билан изоҳланган.

Аввалроқ AҚШ хитойлик ҳакерларни COVID-19’га қарши ваксинаси ҳақидаги маълумотларни ўғирлаганликда айблагани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, АҚШ Адлия вазирлиги Хитойнинг икки фуқаросини юзлаб ташкилотларнинг, шу жумладан, ҳукумат ташкилотларининг ҳам компьютер тизимига бузиб киришда айблаган.

Янгиликлар