Бухоро ҳокими Карим Камоловнинг вафот этгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Бухоро вилояти ҳокими Карим Камоловнинг вафот этгани тўғрисидаги хабар рад этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими ўринбосари Фарҳод Умаров иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида вилоятда 7 август куни журналист ва блогерлар учун матбуот брифинги ташкил этилди.

«Бундай шов-шувлар ўринсиз. Ҳозирда вилоят раҳбари Карим Камоловнинг аҳволи яхши. Хавотирга ўрин йўқ. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради», — деди ҳокими ўринбосари Фарҳод Умаров.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда коронавирус тасдиқланган эди.

Карим Камоловдан ташқари Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳам коронавирусга чалингани тасдиқланган. 31 июлда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов вафот этган, 30 июлда унинг аҳволи оғир, деб баҳоланган ва сунъий нафас олиш аппаратига улангани айтилганди. Президент Шавкат Мирзиёев 31 июль куни Ерниязовнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик йўллаган.