Ўзбекистонда меҳмонхона хизматлари сифатини оширишнинг рағбатлантирувчи механизмлари жорий этилди

Президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда меҳмонхона хизматлари сифатини оширишнинг рағбатлантирувчи механизмлари жорий этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, пандемиядан кейинга даврда меҳмонхоналарнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, шунингдек, юлдузлик тоифасини олишга рағбатлантириш мақсадида Президентнинг «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 19 июндаги 4755-сонли қарорига кўра, меҳмонхоналар томонидан уларга берилган тоифа сақланган тақдирда 2021 йил 1 январдан 2023 йил 31 декабрга қадар тегишли йил якунига кўра жойлаштириш воситасининг тоифаси учун ундирилган туристик (меҳмонхона) йиғим суммасининг 50 фоизини жойлаштириш воситаларига қайтариш белгиланган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, тоифага эга бўлмаган меҳмонхона уч юлдузли тоифани 2020 йилда олди ҳамда 2021 йил давомида уч юлдуз тоифасини сақлаб қолди. Тоифага эга бўлишдан олдин хорижий меҳмоннинг ҳар бир куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи туристик йиғим сифатида ундирилган бўлса, тоифа олгандан сўнг базавий ҳисоблаш миқдорининг 21 фоиз миқдорида туристик йиғим ундирди. Йил якунига кўра, меҳмонхонага уч юлдуз тоифа ҳисобига ҳисобланган БҲМ 6 фоизининг ярми қайтарилади.

Хабарда айтилишича, пандемия шароитидаги мураккаб вазиятда тоифа олиш истагидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 28 майдаги фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 июнга қадар меҳмонхоналарга тоифа олиш ёки мавжуд тоифани ошириш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича харажатларни олинган тоифани келгуси 3 йил давомида сақлаш шарти билан 3, 4 ва 5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун тегишлича 5, 10 ва 15 миллион сўм миқдорида қоплаб бериш назарда тутилган.

«Юқоридаги ҳужжатларда қабул қилинган норма ва енгилликлар Ўзбекистоннинг туризм бозорида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ва тақдим этилаётган хизматларнинг сифатини оширишга қаратилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим вилоятлардаги туроператорларга сафари турларини ташкил қилиш учун имтиёз берилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Туризмни ривожлантириш департаменти Абдулазизхон мадрасасининг қурилиш тарихи ва тасвири ҳақда маълумот берган.

Янгиликлар