«Халқ ҳокимлар сайловига тайёр бўлиши керак» — Танзила Норбоева
Танзила Норбоева халқ ҳокимлар сайловига тайёр бўлиши кераклиги, бунинг учун аҳолининг ҳуқуқий маданияти шаклланган бўлиши лозимгини таъкидлади. Сенат раиси бу ҳақда Тошкент вилоятида Олий Мажлис Сенати кенгашининг 6 октябрь, сешанба куни ўтказилган мажлисида маълум қилди, дейди «Tez News» мухбири.
«Tez News» мухбирининг хабар қилишича, мазкур матбуот анжуманида Танзила Норбоевага Ўзбекистонда қачон ҳокимлар сайловига ўтилиши ҳақида савол берилган. Сенат раиси ушбу саволга қуйидагича жавоб қилган:
«‘Қачон бўлади?’ деган саволга мен аниқ жавоб бера олмайман. Бизда ҳаммаси босқичма-босқич бўляпти. Биз ҳали ўзимиз бунга тайёр эмасмиз. Одамлар ҳам тайёр бўлиши керак. Ҳокимлар сайловига аҳолимизнинг ҳуқуқий маданияти шаклланган бўлиши керак. Ҳозирда жараёнлар бошланди, аҳолимиз бюджет нима эканлиги, қонун қанақа ишлаши кераклиги, ҳамма соҳада сиёсий маданияти, сиёсий билими жудаям ошиб боряпти. Шу ишни бажарадиган одамлар ҳам, аҳоли ҳам тайёр бўлиши керак. Мен ўйлайманки, бу жуда узоққа чўзилмайди, лекин яқин йиллар ичида ҳокимлар сайловига, албатта, ўтамиз».
Шунингдек, Танзила Норбоева мазкур саволга жавоб бериш чоғида маҳаллий ижро органлари билан вакиллик органларининг ажралишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Танзила Норбоева Бўстон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир лойиҳалар билан танишганди. Шунингдек, Балиқчи туманини «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича халқ депутатлари сессияси Танзила Норбоева иштирокида ўтказилганди.