Японияда парранда гриппи сабаб 130 мингдан ортиқ товуқ йўқ қилинади

Япониянинг ғарбий қисмида, Хиросима префектурасида, парранда гриппи аниқланиши сабабли камида 134 минг та товуқ йўқ қилинади. Бу ҳақда 7 декабрь, душанба куни «NHK» телеканалига таяниб, «Korrespondent» хабар берди.

Фото: «Latifundist»

Маълумотларга кўра, Япониянинг Михара шаҳридаги паррандачилик фермаларидан бирида 11 та товуқ нобуд бўлган. Воқеа жойига келган мутахассислар эса бунга парранда гриппи сабаб бўлганини тасдиқлади.

Шу муносабат билан маҳаллий ҳокимият минтақадаги 134 мингта товуқни йўқ қилиш ва санитария назоратини таъминлаш бўйича бир қатор чораларни кўришни буюрган. Бу ишларга 860 киши жалб қилинган. Маълумот учун, охирги марта Хиросимада бундай ҳолат 2004 йилда қайд этилганди.

Бундан аввал Япониянинг Ниигата префектурасида парранда гриппи туфайли 300 мингдан ортиқ товуқ йўқ қилинган эди. Шунингдек, Япониянинг Кагава префектурасида жойлашган Митоё шаҳрида ҳам парранда гриппи тарқалиши қайд этилиб, шу сабабли маҳаллий паррандачилик фабрикаларидан бирида 330 минг товуқ йўқ қилинган.