Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати қачон кўтарилиши маълум бўлди

«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 9–12 январь кунлари республикада ҳаво-ҳарорати аста-секин кўтарилади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати мутахассиси Малоҳат Рўзиева маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳудудида охирги 10 кундаги совуқ об-ҳавони Сибир ҳудудларидаги совуқ антитциклон периферияси белгилаб турибди. Бунда жуда юқори босимли майдон аномал совуқ ҳавони олиб келди. Бу вақтда кечалари 5–10 даража, шимол ва чўл зоналарида 12–17 даражагача совуқ ҳарорат қайд этилмоқда, кундузлари эса 0–5 даража кузатиляпти. Унинг таъкидлашича, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 10–12 даража паст. Ўртача кўрсаткичлардан паст ҳаво ҳарорати узлуксиз равишда 10 кун давом этаётгани учун бу аномал ҳисобланади.

Шунингдек, у 9–12 январь кунлари республикада ҳаво-ҳарорати аста-секин кўтарилишини маълум қилди. Бунда кечаси 2 даража совуқдан 3 даража илиққача, кундузлари эса 5–10 даража илиққача кўтарилиб боради.

«Белгиланган даврда бундай совуқ, яъни 10–12 даража паст ҳавонинг кузатилиши табиий, олдинги йилларда ҳам кузатилган. Фақат бу қадар давомий бўлмагани учун сезиларли кечмаган. Масалан, 2014 йил январь ойининг 11 кунида 6–8 даража совуқ кузатилган. 2008 йилда эса умумий январь ойида эса ҳарорат ўртача меъёрдан 7 даража паст бўлган. 2012 йилда қисқа муддатли совуқлар кузатилган.

Бизда ҳозирги кунда кузатилаётган даражадаги совуқлар охирги 10 йилда қайд этилмаган. Яъни ҳозиргидай давомли, қор парчалари кристаллашган, булдуруқли ҳаво кузатилмаган. Шунинг учун ҳам аномал совуқ дедик», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзгидромет» сўнгги кунларда республикада ғайриодатий об-ҳаво кузатилаётганлигини маълум қилган эди.

Янгиликлар