Самарқандда қимматбаҳо чинор ноқонуний равишда болталанди

Дарахт ва буталарни кесишга ўрнатилган мораторий муддати узайтирилган бўлса-да, Самарқандда чинор дарахти болталанди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экологик партиясига таяниб Qalampir хабар берди.

Фото: repost.uz

Таъкидланишича, Самарқанд туманидаги Сулфакабутак маҳалласи Сулфакабутак ва Х.Ғиёсов кўчалари кесишган ҳудудда 7 февраль куни 1 туп чинор кесилган. Ҳолат юзасидан экологик рейд ўтказилган.

Маълум бўлишича, дарахт кўчани кенгайтириш учун туман автойўл корхонаси бошлиғи С.Aлиев ва қатор мутасаддилар топшириғи билан ноқонуний тарзда кесиб ташланган.

Экологик партия қимматбаҳо чинор дарахтини кесган ва иш бошида турган шахсларга тегишли қонуний чора кўрилишини, кесилган дарахт ўрнига компенсация сифатида 100 туп кўчат экилишини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 3 февралдаги №ПФ-6155-сонли фармони 24-банди, б-қисмига мувофиқ республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган. Шунингдек, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурий этиб белгиланди.

Янгиликлар