Янги Зеландия 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси платформалар зиммасига фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш бўйича оқилона чоралар кўриш мажбуриятини юклайди

Янги Зеландияда 16 ёшдан кичик болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бош вазир Кристофер Лаксоннинг баёнотига таяниб The Guardian хабар бермоқда.

Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси платформалар зиммасига фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш бўйича оқилона чоралар кўриш мажбуриятини юклайди. Бунинг учун мавжуд ҳисоб ёзувлари ҳақидаги маълумотлар, юзни таниш технологиялари ва рақамли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан фойдаланилади.

Мамлакатда талабларга риоя қилмаганлик учун платформанинг глобал даромадининг 10%гача миқдорда жарима жорий этиш кўриб чиқилмоқда.

Биз шунчаки янги зеландиялик болаларнинг бутун бир авлодига етказилаётган зарарга қараб тура олмаймиз. Ижтимоий тармоқлар уларни зарарли контент, қарамлик келтириб чиқарувчи технологиялар ҳамда улар енга олмайдиган руҳий босимга дучор қилмоқда. Бу эса уларнинг оилавий ҳаёти, руҳий саломатлиги, уйқуси ва таълимига салбий таъсир кўрсатмоқда, — деди Лаксон.

Ҳозирда қонун қабул қилинмаган ва унинг парламентда етарлича қўллаб-қувватланиши ноаниқ.

Жаҳон