Наманганда барча футбол мактаби ва академиялари «Навбаҳор» тасарруфига ўтади
Наманган ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Aбдураззақов «Навбаҳор» клуби раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва футболчилари, жамоа мухлислари билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Шавкатжон Aбдураззоқов тадбир давомида вилоят ҳокими лавозимига тайинланганидан сўнг «Навбаҳор» жамоаси билан илк учрашуви эканлигини таъкидлаб ўтган.
«Гарчи таркиб бўйича Суперлиганинг унча-бунча жамоасидан қолишмасак, маҳоратли ва тажрибали футболчиларга эга бўлсак-да, ‘Навбаҳор’ охирги 9 ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти. Жорий мавсум бошида жамоанинг олдига Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилганди. Бироқ жамоа кўп очко йўқотди. Биз ‘Навбаҳор’ни юксалтириш, жамоанинг совриндорлар сафидан жой олиши, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиши учун кўп ҳаракат қилдик. Лекин бу кутилган самарани бермади. Энди ‘Навбаҳор’нинг стратегияси ўзгаради ва асосий эътибор ёшларга қаратилади. Келаси йилдан жамоа шарафини асосан маҳаллий ёшлар ҳимоя қилишади. Биз наманганлик иқтидорли, ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаймиз, инвестисияни маҳаллий ёш, иқтидорли футболчиларни етиштириб чиқариш учун йўналтирамиз», – деди вилоят ҳокими.
Шавкат Aбдураззоқовнинг таъкидлашича жамоа Одил Aҳмедов билан ҳамкорлик қилади, у жамоа учун қўлдан келганча ёрдам беришга тайёр. Шунингдек, ҳокимнинг сўзларига кўра, Намангандаги барча футбол мактаблари ва академиялари энди «Навбаҳор» тасарруфига ўтади. Ушбу таълим масканларидаги барча футболчилар энг аввало «Навбаҳор» билан шартнома имзолайди.
Шундан сўнг «Навбаҳор» клуби раҳбариятида ўзгариш юз берганлиги эълон қилиниб, Отабек Саматов «Навбаҳор» ПФК вице-президенти сифатида таништирилган.
Мулоқот давомида жамоа мураббийи Мустафо Байрамов, жамоа сардори Aзимжон Aҳмедов, футболчилар Мирзоҳид Ғофуров ва Даврон Ҳошимов, «Навбаҳор» мухлислари раиси Aбдулло Aҳмедов, блогер Фарҳод Умаралиев сўзга чиқиб, ёш футболчиларга эътиборнинг кучайтирилиши «Навбаҳор» клуби келажаги учун пухта замин ҳозирлашини қайд этган.
Аввалроқ Наманганда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биноси ва 5,5 миллиард сўмлик футбол мактаби фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманган шаҳри, Марҳамат ва Қарши туманларида ташкилотларга юридик хизмат кўрсатиш марказлари очилиши ҳамда Попда Давлат хизматлари марказининг янги филиали очилгани маълум қилинди.