Каттақўрғонда корхона масъуллари 2,4 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди
Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида корхона масъуллари 2 миллиард 400 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Теz News» мухбири хабар берди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда 2018—2019 йилларда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятларга қўл урган. Таҳлилларга кўра, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилган.
Қайд этилишича, «Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш» корхонаси директори Р. бош ҳисобчи Ш. ҳамда муқаддам шу корхонада содир этган қатор жиноятлари учун судланиб, корхонада фаолиятини яна давом эттириб келаётган жиноий шериклари билан тил бириктирган. Улар умуман таъмир кўрмаган 20 та йўлни таъмирдан чиқарганликлари ҳақида қалбаки ҳужжатларни тузиб, 2,4 миллиард сўм бюджет маблағларини ўмарган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.