Ўзбекистонда касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади

Ўзбекистонда Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу 31 декабрь куни қабул қилинган «Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига киритилган. Қарорга асосан, Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори такомиллаштирилади. Классификатор, жумладан, таълимнинг энг паст даражасига қўйиладиган талабларни бекор қилган ҳолда ҳар бир лавозим ва касб бўйича малака доирасига мувофиқ малака даражасига талаблар киритилишини назарда тутади. Талаблар тегишли лавозим (касб)нинг малака даражасидан келиб чиққан ҳолда иш берувчилар томонидан мустақил белгиланади.

Қарорга кўра, Президент ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдор бўлган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича кенгаш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Масъул вазирлик ва идораларда уларнинг умумий штат бирликлари сони доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш шароити бўйича мустақил бўлим бошлиғига тенглаштирилган Касбий малака ва билимларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгаши котиби лавозими киритилади. Қарор билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика бандлик ва меҳнат муҳофазаси илмий маркази вазирлик ҳузуридаги Меҳнат бозори тадқиқотлари институти этиб қайта ташкил этилди. 2021 йил 1 апрелгача «профстандарт.уз» касбий стандартларнинг ягона очиқ портали ишлаб чиқилади. Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан:

  • олий таълим муассасаларида амалиётга йўналтирилган таълим дастурларини жорий этиш мақсадида дуал таълим тизими жорий этилиши;
  • дуал таълим тизими асосида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган муддатли меҳнат шартномасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқлангани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар