Ўзбекистонда яна бир соҳа ходимларига ОТМга киришда имтиёз берилади

Ўзбекистонда маҳалла ходимларига олий таълим муассасасига киришда имтиёз берилади.

Фото: «Tez News»

«Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги олий таълим муассасаларида «5520100 – Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)» бакалавриат таълим йўналиши бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун сиртқи таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Мазкур сиртқи таълим шакли доирасида ўқитиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади.

Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлган ҳамда кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари талабаликка тавсия этилади. Бунда тасвиянома асосида ўқиётган талабалар ўқишини бошқа бакалавриат таълим йўналишига кўчиришга рухсат берилмайди.

Тавсиянома, жумладан, эгаллаб турган лавозимида сўнгги бир йил давомида фаолият юритаётган ҳамда тизимда камида уч йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга берилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳарбий тавсияномаси тасдиқланмай қолган абитуриентларнинг 128 нафари грант асосида талаба бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар