Ўзбекистонда микроқарзнинг максимал қиймати оширилмоқда

Олий Мажлис Сенати кредит мажбуриятларини ижро этиш тартибини мукаммаллаштириш ва аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш бўйича имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган ўзгаришларни маъқуллади.

Фуқаролик кодексига киритилаётган қўшимчаларга асосан аҳоли ва тадбиркорларга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича киритилган тўлов суммаси, қарз олувчининг мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи белгиланган тартибда ундирилади.

«Энг аввало, асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда узилади. Сўнгра жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик сўндирилади. Учинчи навбатда неустойка (жарима, пеня)лар ва кейинги навбатда кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари ундирилади», – дейилмоқда хабарда.

Фуқаролик кодексига кредит бўйича қарздорликни ва ҳисобланган фоизларни ундириш ҳақида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда мазкур кредит бўйича фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилишига оид ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартириш киритилаётган бўлиб, унга кўра жисмоний шахс бўлган қарз олувчига ажратиладиган микроқарз миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга оширилмоқда.

Янгиликлар