Навоийда «Тicо» ҳайдовчиси велосипедчини уриб юборди

Навоий вилоятининг Конимех туманида ЙТҲ оқибатида велосипедда бўлган 58 ёшли фуқаро вафот этган. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Фото: «Дарё»

Хабарга кўра, 27 февраль куни соат 09:30 да туман ободонлаштириш бўлимининг бир нечта ходими Конимех туманидан ўтган А-379 халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлининг четки қисмида велосипедда ҳаракатланиб келаётганда Навоий—Зарафшон йўналишида катта тезликда келган 67 ёшли «Тicо» ҳайдовчиси улардан бирини уриб юборган.

Қайд этилишича, 58 ёшли жабрланувчи воқеа жойида вафот этган. «Тicо» ҳам йўлдан чиқиб кетиб, бетон тўсиққа урилган ва жиддий талафот кўрган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Конимех туман ИИБ тергов бўлими томонидан ҳайдовчи Н.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.