Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бюджет маблағини талон-торож қилган ходимлар иши юзасидан изоҳ берди

Оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда 8 август куни Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ходимлари бюджет маблағини талон-торож қилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирилди.

Маълумотларга кўра, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи 2020 йилнинг июнь ойида бошқарма бош ҳисобчиси, ғазначи ҳамда кадрлар бўлими бўйича бош мутахассиснинг 2018—2020 йилларда ходимларига иш ҳақи тўланишида ҳамда товар моддий бойликларидан фойдаланишда шубҳали ҳолатлар сезган.

«Ушбу ходимлар фаолиятида ноқонуний хатти-ҳаракатлар борлиги гумонлангандан сўнг яна келиб чиқиши мумкин бўлган жиноятлар ҳамда давлат бюджети маблағларини талон-торож қилинишинининг олдини олиш мақсадида бошқарма бошлиғи томонидан тегишли идораларга белгиланган тартибда тўлиқ назорат тадбирини ўтказиб беришини сўраб мурожаат қилинган.

Ушбу мурожаат асосида июнь-июль ойлари давомида Давлат назорати Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тегишли тартибда текширув ишлари амалга оширилган.

Текширувлар натижасига кўра, бошқарма ғазначиси ҳамда кадрлар бўлими бўйича бош мутахассис қонуний тартибда ўз лавозимидан озод этилган. Тергов давомида камомадлар аниқланганлиги сабабли бошқарма бош ҳисобчиси имзо қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми ‘а’ банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилади вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг расмий изоҳида.

Aввалроқ Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимларига қўшимча рағбат тўланмагани ҳақдаги хабарларга изоҳ берилгани, Чирчиқдаги тиббиёт ходимларига устама ҳақлари белгиланган тартибда берилгани маълум қилинганди.

Шунингдек, Чирчиқда муҳтож оилаларга истеъмолга яроқсиз колбаса маҳсулотлари тарқатилгани юзасидан прокуратура изоҳ берган.

Янгиликлар