Ўзбекистонда автомобилнинг орқа ён ойнасини «тонировка» қилиш нархи арзонлаштирилди

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича айрим ўзгаришлар киритилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар берди.

Маълум қилинишича, М1, N1 ва N2 тоифага оид автотранспорт воситалари орқа ён ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари жисмоний шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) этиб белгиланди. Бунга қадар ушбу миқдор БҲМнинг 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм) эди.

Юридик шахсларга орқа ён ойнани қорайтириш учун тўлов миқдори ўзгармаган — БҲМнинг 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм).

Шунингдек, орқа ва олд ён ойналар бўйича тусини ўзгартиришнинг тўлови миқдори ҳам аввалгидек сақланиб қолди, яъни жисмоний ва юридик шахслар учун БҲМнинг 50 баравари (11 миллион 150 минг сўм) миқдорини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «тонировка» учун тўловларни бекор қилиш таклиф қилинган эди.