Ўзбекистонда «тонировка» учун тўловларни бекор қилиш таклиф қилинди

Ўзбекистон ‘Миллий тикланиш’ демократик партияси фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бекор қилиш бўйича таклиф тайёрлади. Бу ҳақда партия хабарида маълум қилинди.

Ижтимоий тармоқларда АҚШниг Калифорния штатида 2012 йилдан бошлаб автомобиль ойналари мажбурий ва бепул қорайтирилиши ҳақидаги хабар тарқалди. Буни Ўзбекистон ҳукуматига жамоатчиликнинг «сигнали» сифатида қабул қилиш мумкин, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, парламент қуйи палатасининг депутатлари томонидан орқа ойна тусини бепул ўзгартириш, автомобилнинг икки ёнида орқа томонни кўриш учун кўзгу бўлса, пардалар илиш мумкинлигига эришилди.

Шунингдек, автомобили ойналарини қорайтирмоқчи бўлган фуқаролар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 2 августдаги қарорига асосан, орқа ва олд ён ойналар учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм), орқа ён ойналар учун БҲМнинг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида тўловни амалга ошириши зарур. 2019 йил статистикасига кўра, автомобиль ойналари тусини ўзгартирганлар жами автомобиллар сонининг 0,1 фоизини ҳам ташкил қилмаган.

«Ўзбекистон ‘Миллий тикланиш’ демократик партияси фуқароларга қулайлик яратиш ҳамда мутахассисларнинг хулосасига кўра, фуқароларнинг қуёшнинг ультрабинафша нурларидан тери саратони касалига чалинишларининг олдини олиш, автомобиль кондиционерларининг камроқ ишлатилишига ва бунинг натижасида ёнилғи камроқ сарфланиб, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг камроқ чиқишига, пировардида экологияни асрашга эришиш мақсадида автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бекор қилиш, зарур деб ҳисоблайди.

Бунинг учун партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳукуматнинг 2020 йил 2 августдаги ‘Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида’ги 646-сонли қарорига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланди», — дейилади хабарда.

Aввалроқ Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб айрим транспорт воситаларини олиб кириш учун акциз солиғи бекор қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш учун 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилинди.

Янгиликлар