Telegram дайжести: булдуруқли, чироқсиз январь, Расул Кушербоев – йил одами, бизни қадриятлар ўлдирадими?

Ташқарида даҳшатли қаҳратон. Уйни иссиқ қилиб, деразадан қараб, кофе ичадиган романтик ҳаволар бўляпти. Аммо Telegram’да жазирама! Битта тренд ортидан иккинчи тренд эргашади. Қайси бирини ўқишни хам билмай қоласан. Сараланганларини сизга тақдим қиламиз. Кетдик.

Қиш қиличини ялонғочлаб, Ўзбекистон учун камёб ходиса бўлган булдуруқни ҳосил қилди. Дарахтлар қордан эмас, совуқдан оқ либос кийди. Ушбу сўзнинг келиб чиқиши сизга қизиқ бўлса, тилшунос блогер Эльдар Асанов бу хақда каналида пост жойлади.

2020 йил осонликча кечмади. Аммо одамлар изланиш ва илм фандан чеклангани йўқ. Физик олим, блогер Рустам Ашуров 2020 йил якунлари бўйича илм-фан дайжести қилди. Фанга унча қизиқмаган одам ҳам бу постни кўргач, анча қизиқиб қолиши табиий.

«Troll.uz» ўзига оппонент деб биладиган партия раҳбари Алишер Қодиров билан ниҳоят тет а тет учрашди. Бу воқеа Ўзбекистонда сўз эркинлигининг кичик ғалабаси деса бўлади. Учрашув тафсилотлари бу ерда.

Анча фаол ва аччиқсўз блогер Бакиров Telegram-канали номини негадир ўзгартирди. Аммо формат ўзгармагани ёқимлироқ. Блогер «Каспий денгизини Орол денгизи тақдири кутмоқдами?» деган мавзуда актуал пост жойлади.

У, шунингдек, 2021 йилнинг иқтисодий прогнозлари хақида сериали постлар қилди. Бу постларни ватан тақдирига бефарқ бўлмаганлар албатта ўқиб қўйиши керак.

Президент эътирофидан сўнг янада фаоллашган аёл блогерлардан бири Шаҳноза Соатова ўзининг каналида ўтган ҳафта кўчадаги қонун бузилишларини суратга олганларни самосуд қилганларга қаттиқ муносабат билдирди.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашишни рағбатлантиришга 500 миллион сўм ажратилгани учун кескин норозилигини билдирди. Сабабини постни ўқигач, билиб оласиз.

Ҳафта ўртасида бутун республика бўйича электр узилишлари қайд этилди. Одамлар қийналди. Бу узилишлар сабабини Telegram’да фаоллашиб олган энергетика вазирлигининг саҳифасидан билиб олсак бўлади.

Ўқитувчиларнинг муаммолари билан шуғулланиб, уларнинг қалбига малҳам бўлгучи Домлажон Япония ҳақида ажойиб пост жойлади.

Блогер фақат глобал муаммоларни ёритиши билан ажралиб турмайди. У бироз парда ортидаги муаммоларни ҳам кўтариши керак. Азиза Қурбонова жамоат ҳожатхоналари танқислиги мавзусида таъсирли пост ёзибди. Дарҳақиқат, туризмни ривожланиш йўллар ва йўлларда яратилган шароитларга ҳам боғлиқ.

Davletovuz канали эса мана икки афтадирки Шерлок Холмсга айланган. Давлат харидларидаги қинғирликларни ва коррупцияни фактлар билан очиб бермоқда. Қизиқ суриштирувларни ўқиб боришни тавсия этамиз. Давлатни ким ва қандай ўмаришини янада яхшироқ билиб оламиз.

Тадбиркор Феруз Аллаев ҳам ижтимоий муаммоларга эътибор қаратмоқда. Унинг бу сафарги нишони электрни электрон ҳисоблаш тизими бўлди.

Нурбек Алимов эса ҳаммани армия хизматига мажбурлаб, пул олишни қоралаб чиқди. Фикрларида жон борга ўхшайди.

«Бизни қадриятлар ўлдириши ҳақида» деб бошланадиган пости хам анча актуал муаммони кўтариб чиқди.

Ҳафтанинг яхши янгиликларидан бири жонкуяр депутат Расул Кушербоевнинг йил одами бўлгани бўлди.

Хозирча шу. Замоннинг шиддатли нафасини биз билан биргаликда ҳис этинг. Келаси ҳафтагача!

Янгиликлар