Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти билан телефон орқали гаплашди

Ўзбекистон ва Афғонистон президентлари телефон орқали гаплашиб, бир нечта лойиҳаларни aмалга ошириш режаларини келишиб олишди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Prezident.uz

Хабар берилишича, икки президент янги «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олишган. Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилиб, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.

Шунингдек, нефть-газ тармоғи ва таълим соҳасида техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Маълумотга кўра, президентлар «Йўл харитаси» ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини беришган.