Тошкентда 105 млн сўмлик «Aзитрoмицин» дорисини сотаётганлар ушланди

Тошкент вилояти Тошкент туманида 12 минг қути «Aзитрoмицин» дорисини ноқонуний равишда қиммат нархга сотган жиноий шериклар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Департамент ҳамда давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, фуқаролар Ф.Д. ва У.Т. «Aзитрoмицин» дори воситасининг ҳар бир қутисини 8 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 12 минг қутисини 105,6 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Чортоқ чегарасида 160 миллион сўмлик дориларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар ушлангани ҳамда Бухорода Эрондан олиб келинган 48,2 миллион сўмлик мебель ва маиший техника воситаларини яширинча олиб киришга уринган шахслар фош этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар