АҚШ Кубани терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига қайта киритди

АҚШ расмийлари Кубани халқаро терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига қайтаришга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майкл Помпеонинг 11 январь, душанба куни эълон қилинган баёнотида айтилган.

Фото: «Wall Street Journal»

«Давлат департаменти Кубани террорчиларга хавфсиз бошпана бериш орқали халқаро терроризм ҳаракатларини бир неча бор қўллаб-қувватлаганлиги учун терроризмга ҳомийлик қиладиган давлатлар рўйхатига киритди. Бу ҳаракат билан биз Куба ҳукуматини адолатга етаклаяпмиз. Биз уларга аниқ сигнал бермоқдамиз: Кастро режими халқаро терроризмни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак», — дейди Помпео.

Унинг сўзларига кўра, пойтахт Гавана Колумбиянинг радикал исёнчилар гуруҳи ва мамлакатда яшовчи Миллий озодлик армияси (NLA) раҳбарларини экстрадиция қилишдан бош тортган. Бундан ташқари, «Куба сиёсий зўравонлик айблови билан қидирувда бўлган бир нечта АҚШ жиноятчиларини паноҳига олмоқда».

«Куба терроризмни қўллаб-қувватлашни тугатиш мажбуриятини бузганлиги сабабли терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига қайтмоқда. У 2015 йилда олдинги (АҚШ) маъмурияти томонидан ушбу рўйхатдан чиқарилган эди», — деб қўшимча қилди Помпео.

Аниқлик киритилишича, ушбу рўйхатга киритиш Куба билан савдо-сотиқнинг айрим турлари билан шуғулланадиган шахслар ва мамлакатларга нисбатан санкцияларни жорий этишни англатади. Бу АҚШдан ташқи ёрдамни чеклашни, мудофаа молларини экспорт қилиш ва сотишни тақиқлашни, экспорт бўйича айрим назоратларни жорий этишни назарда тутади.

Ўз навбатида, Гавана Вашингтоннинг қарорини иккиюзламачилик деб атаган.

«Биз Қўшма Штатларнинг Кубани терроризмнинг ҳомийси деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорини қоралаймиз ва иккиюзламачилик деб ҳисоблаймиз. АҚШ сиёсий оппортунизми терроризм ва унинг қурбонлари офатидан хавотир олганлар томонидан тан олинади», — деб ёзган Куба ташқи ишлар вазири Бруно Родригез ўзининг Twitter’даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Куба биринчи марта 1982 йилда Американинг терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритилган эди. 2014 йил декабрда эса президенти Барак Обама Вашингтоннинг Гаванага нисбатан илгари олиб борган сиёсати натижа бермаслигини тан олган ва икки томонлама алоқаларни нормаллаштирган. Шундан сўнг у Кубага қарши санкцияларни юмшатиш бўйича ҳаракат бошланганлигини эълон қилган. 2015 йилда Обама маъмурияти Кубанинг ушбу рўйхатдан олиб ташлаганини маълум қилган.