Шавкат Мирзиёев Қуролли кучлар академиясига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев 12 январь, сешанба куни Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29-йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қуролли кучлар академиясига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва у ерда яратилган таълим инфратузилмаси объектлари, шунингдек, Қуролли кучларнинг замонавий қурол ва ҳарбий техника намуналари ҳамда миллий мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан танишган.

Шундан сўнг Академияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони раислигида Қуролли кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг 2020 йил якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли кучларнинг раҳбар ва қўмондонлик таркиби, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган.

Йиғилишда Президент томонидан мамлакат мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида амалга оширилган ишлар, Қуролли кучларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари батафсил сарҳисоб қилинди. Вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги давлат хокимияти органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятига танқидий баҳо берилган.

Шунингдек, Президент томонидан Ўзбекистонни 2017–2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида, мамлакат ҳаётининг бошқа жабҳалари билан бир қаторда, ҳарбий соҳанинг энг муҳим йўналишлари бўйича замон талабларига мос қарорлар қабул қилинганлиги, амалга оширилган тизимли ва стратегик комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти сезиларли даражада ошгани таъкидлаб ўтилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда давлат раҳбари Қуролли кучларни ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор инновацияларни кенг татбиқ этиш бўйича муҳим кўрсатмалар берган.

«Жумладан, барча даражадаги қўмондонлик ва бошқарув органлари фаолиятини такомиллаштириш, қўшинларда автоматлаштирилган бошқарув воситалари ва комплексларни жорий қилиш орқали уларнинг ҳамкорликдаги оператив ва жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш истиқболдаги долзарб вазифалардан бўлиб қолади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда ҳарбий илмни ривожлантириш борасида Қуролли кучлар Олий бош қўмондони томонидан ҳарбий можаролар ва замонавий жанг амалиётларини ҳамда миллий ҳарбий санъат тарихини чуқур ўрганиб, қўшинларнинг тайёргарлик усул ва услубларини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Тошкент шаҳрида барпо этилган «Ғалаба боғи» ва «Шон-шараф» музейи мажмуасини ҳарбий хизматчилар, юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар учун ҳарбий тарихни ва аждодлар қаҳрамонлигини ўрганиш илмий марказига айлантириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати