Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ватандошларни салбий вазиятлардан огоҳлантирди
Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб республикасидаги элчихонаси фуқароларнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлаб турилиш ҳолати билан боғлиқ мурожаатлар сони ортганини билдирди.

Миср ваколатли органларининг расмий маълумотларига кўра, Қоҳира ва бошқа йирик шаҳарларда хорижий фуқаролар томонидан миграция қонунчилиги ҳамда жамоат тартиб-қоидаларига риоя этилиш устидан назорат кучайтирилган.
Хусусан, Миср ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган, амалдаги ҳужжатларга эга бўлмаган, шунингдек, жамоат тартибини бузган хорижий фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар, жумладан депортация тадбирлари қўлланилмоқда.
Шу сабабли, салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига қуйидагилар қатъиян тавсия этилди:
• маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш;
• шахсни тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт) доимо ўзи билан олиб юриш;
• Миср ҳудудида бўлиш учун амалдаги виза ёки вақтинчалик/доимий яшаш рухсатномаси(иқома)га эга бўлиш;
• тегишли рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик;
• виза ёки яшаш рухсатномаси(иқома)нинг амал қилиш муддатини ўз вақтида узайтириш.
Маҳкамада ушлаб турилган тақдирда:
• паспорт ва бошқа шахсий ҳужжатларни бегона шахсларга бермаслик;
• имкон қадар тезроқ Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги Элчихонасига мурожаат қилиш (тел. +20233361723, +20233364516).
Шунингдек, фуқаролар Миср ҳудудида бўлиб турган давр мобайнида шахсини ҳамда мамлакатда қонуний бўлишини тасдиқловчи ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан сақлаш ва доимо ёнида олиб юриш зарур эканлиги эслатилди.





