Попда «Жигули»нинг бетонга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди

Наманган вилояти Поп туманида 9 октябрь куни «ВАЗ-2103» машинаси бетонга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 9 октябрь, жума куни соат 22:30 ларда «Пунгон—Наманган» йўлининг 28-километри, Поп тумани «Уч-уйли» МФЙдан ўтган ҳудудида Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро Тошкент вилоятида яшовчи, 1965 йилда туғилган фуқаронинг номида бўлган «ВАЗ-2103» русумли автомашинасини бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган.

Сўнгра йўлнинг ўнг четига чиқиб кетиб, қатнов қисм нам ҳолатда бўлганлиги сабабли бошқарувни йўқотиб, йўл четида турган бетон ариққа урилган.

Оқибатда автомашина ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган. Автомашинада бўлган Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1959 йилда туғилган йўловчи қўшма шикасти, бош мия оғир очиқ шикасти, чап оёқ болдир суягининг ёпиқ синиши ташхиси билан туман марказий шифохонаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Қамчиқ довонида иккита ЙТҲ содир бўлгани ва ҳайдовчилар тан жароҳати олмагани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Мингбулоқда 3 та автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳамда Косонсойда иккита автомобиль тўқнашиши оқибатида 18 ёшли йигит тан жароҳати олгани маълум қилинганди.

Янгиликлар