Косонсойда иккита автомобиль тўқнашиши оқибатида 18 ёшли йигит тан жароҳати олди
Наманган вилояти Косонсой—Исковот йўлида 2020 йил 12 сентябрь куни иккита автомобилнинг тўқнашуви оқибатида 18 ёшли бола тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 12 сентябрь куни соат 21:40 атрофида Косонсой—Исковот йўлида Косонсой туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро, Поп туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаро номида бўлган «ВАЗ-2101» русумли автомашинасини ишонч қоғози билан бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаган. Оқибатда асосий йўлдан иккинчи даражали йўлга бурилаётган, Тўрақўрғон туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Газ-3102» русумли автомашинаси билан тўқнашган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида «ВАЗ-2101» русумли автомашинада бўлган йўловчи, Косонсой туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган фуқаро ўнг оёқ сон суягининг ёпиқ силжиб синиши, пастки жағ соҳасининг йиртилиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Ҳолат бўйича туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2020 йил 9 октябрь куни Жиноят кодексинининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ургутда «Жигули» бошқарувини йўқотган йигит велосипеддаги синфдошининг ўлимига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берилганди.