Навоийда 2021 йилдан ичимлик суви нархи уч баравар қимматлашади
Навоий вилоятида 2021 йил 1 январдан ичимлик суви нархи 3 баравар ошади. Бу борада халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг XII сессиясига киритилган кенгаш қарори депутатлар томонидан тасдиқланган, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Aниқланишича, қарорда 1 метр/куб ичимлик суви нархи аҳоли учун 3000 сўм (ҳозирги нарх 1080 сўм), бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун эса 7000 сўм (ҳозирги нарх 3300 сўм) қилиб белгиланган. Нархнинг бундай кескин ўсишини «Навоий сув таъминот» масъулияти чекланган жамияти масъуллари вилоятдаги сув иншоотлари ва қувурларнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани билан изоҳлаган.
Мавзуга доир: Ўзбекистоннинг ичимлик суви захираси ҳажми маълум бўлди
«Навоий сув таъминот» МЧЖ ахборот хизмати раҳбари Бакитбек Кизилбаевнинг маълум қилишича, вилоятда жами 647 минг нафардан ортиқ аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, бу вилоят аҳолисининг 64 фоизи деганидир.
Жамият балансидаги 199 та сув тарқатиш иншоотининг 28 таси (14 фоизи), шунингдек, вилоятдаги жами 2784,8 км ичимлик сув тармоқларининг 17 фоизи таъмирталаб ҳолда. «Сув қувурларининг асосий қисми 50 йил олдин ётқизилган бўлиб, ҳозирда эскирган. Оқибатда тизимда оғир иқтисодий аҳвол юзага келган», дейди Кизилбаев.
Aввалроқ Андижон туманида 6 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шаҳрихонда салкам 40 миллиард сўм маблағ аҳолини ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилгани хабар қилинган.