Ўзбекистоннинг ичимлик суви захираси ҳажми маълум бўлди
Ўзбекистонда 97 та ер конида 64 миллион куб метр умумий сув захиралари мавжуд. Бу ҳақда Давлат геология қўмитаси вакили Расулжон Бегматов маълум қилди.
Таъкидланишича, сув захиралари асосан Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган Андижон ва Фарғона вилоятларида тарқалган. Аммо Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида чучук сувлар деярли мавжуд эмас. Бухоро ва Навоий вилоятларида ўртача сув захиралари бор. Энг катта муаммо ҳам мамлакатдаги сув захираларининг тенг тарқалмаганида. Таҳлиллар 2025 йилга бориб ер юзидаги давлатларнинг ярмидан кўпида сув тақчиллиги юзага келишини кўрсатмоқда. 2050 йилда эса бу кўрсаткич дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига тўғри келиши тахмин қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, дунёда бўлгани каби республикамизда ҳам сув ресурслари чекланган. Чучук сув умумий сув ресурсларининг 8 фоизини, ичимлик сувларининг эса 67 фоизини ташкил этади. Мамлакатда аҳоли ичимлик суви таъминоти учун 2019 йилда 161,4 минг куб метр/сутка, яъни 950 минг кишига етарли миқдордаги чучук сув захираси тасдиқланган. 2020 йилда 193 минг куб метр/сутка, яъни 1 млн 140 минг кишига етарли сув захиралари тасдиқланиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда аҳоли жон бошига сувдан фойдаланиш меъёри суткасига 115–240 литр бўлиб, бу дунёдаги ўртача кўрсаткичдан паст ҳисобланади. Мисол учун, Бирлашган Араб Амирликларида кунига 700, Россияда 400, АҚШда 200, Германияда эса 130 литр сув суткалик нормани ташкил қилади.
Аввалроқ Бухорода салкам 605,4 тонна кўмир захираси мавжудлиги маълум қилинган эди. Шунингдек, Шуҳрат Абдураҳмонов 3 минг тонна картошка захирасига эга омбор калити қўлида турганини айтган.