Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чораларини назарда тутувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда Norma хабар берди.

Фармонга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида техникумлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда касбий таълим соҳасини бошқариш учун масъул бўлган Касбий таълим агентлиги ташкил этилди.
Агентлик касбий таълим дастурларига, улар бўйича белгиланадиган малака даражаларига, ўқишнинг минимал муддатларига, битирувчилар билимларини баҳолаш мезонларига ҳамда таълим-услубий таъминотга оид талабларни белгилайди. Ушбу талаблар мулк шаклидан қатъи назар, барча касбий таълим муассасалари учун мажбурий ҳисобланади.
Миграция агентлиги томонидан хорижий иш берувчиларнинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, касб ва мутахассисликлар, шунингдек, чет тиллари бўйича ўқитиш учун буюртмалар тақдим этилади. Техникумларнинг моддий-техника базасини такомиллаштириш ва ўқитиш жараёнини молиялаштириш Миграция фонди ҳисобидан амалга оширилади.
Давлат органлари ва ташкилотларига давлат техникумларида тўғридан-тўғри буюртма жойлаштириш ва касб бўйича ўқитишни молиялаштириш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, касбий таълимни ривожлантириш мақсадида ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари ташкил этилади.





